Тошкентда алимент ва банкдан қарздор фуқаронинг машинаси хатланди
Айни пайтда автомашина белгиланган тартибда хатланиб, жарима майдончасига жойлаштирилган.

Суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш, қарздорликларни ундириш ҳамда ижро ҳаракатларидан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, бошқарманинг АМИИИЭ шўъбаси инспектори У.Машҳуров иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2026 йил 26 августдаги ижро варақасига асосан қарздор А.Ш.дан банк фойдасига 36 миллион 81 минг 400 сўм қарздорликни ундириш бўйича ижро ҳужжати келиб тушган.
Шунингдек, бошқа ижро ҳужжати бўйича қарздорнинг алимент мажбуриятлари мавжудлиги сабабли унга тегишли бўлган «Tracker 2» русумли автотранспорт воситасига қидирув эълон қилинган.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор томонидан узоқ вақт давомида яшириб келинган мазкур автотранспорт воситаси аниқланди. Автомашина белгиланган тартибда хатланиб, жарима майдончасига жойлаштирилди.
Мазкур ҳолат суд ҳужжатлари ижросини таъминлашда қарздорларга тегишли мол-мулкни аниқлаш ва уларни яшириш орқали мажбуриятлардан қочишга уринишларнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.







