Тошкентда фуқаро МИБ орқали хонадонга киритилди
Маълум бўлишича, у турмуш ўртоғи билан низолашиб келган.

Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг ижро варақасига асосан ундирувчи А.А.ни қарздор М.А.га тегишли Тошкент шаҳар, Янгиҳаёт тумани, 8-қурилиш ҳудудида жойлашган кўп квартирали уйдаги хонадонга киритиш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Мазкур хонадон томонлар оила бўлиб яшаган даврда ипотека кредити асосида харид қилинган бўлиб, ундан фойдаланиш масаласи юзасидан келиб чиққан низо суд тартибида кўриб чиқилган.
Ижро ҳужжати бўйича ижро иши қўзғатилиб, қарздорга суд ҳужжатида белгиланган талабларни ихтиёрий равишда бажариш зарурлиги ҳақида тегишли қарор юборилган. Бироқ қарздор томонидан белгиланган талаблар ихтиёрий равишда бажарилмаганлиги сабабли давлат ижрочиси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий ижро ҳаракатларига киришилган.
Жумладан, ундирувчини хонадонга киритиш бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилиши ҳақида тегишли хабарнома юборилган.
Натижада, 2026 йил 28 октябрь куни давлат ижрочиси томонидан суд ҳужжати ижроси таъминланиб, ундирувчи А.А. низоли хонадонга киритилди ва хонадон калитлари унга топширилди. Мазкур ҳолат тегишли тилхат билан расмийлаштирилди.







