Чет элда меҳнат қилаётган юртдошларимиз — ҳақиқий мард инсонлар!” — Президент
Президент хорижда меҳнат қилаётган юртдошларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлатнинг доимий вазифаси эканини таъкидлади.

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги «Intil» халқаро тил ва касбга ўқитиш марказида меҳнат миграцияси соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Давлат раҳбари хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳақида алоҳида тўхталиб, уларнинг оиласи ва фарзандлари келажаги учун тинимсиз меҳнат қилаётганини таъкидлади.
“Чет элда ишлаётган ҳар бир юртдошимиз оиласининг ризқи, фарзандлари келажаги учун тинимсиз меҳнат қилаётган ҳақиқий мард инсонлардир. Улар ҳам бизнинг фуқароларимиз, бизнинг фарзандларимиз. Қаерда ишлашидан қатъи назар, фуқароларимиз ҳуқуқини ҳимоя қилиш — давлатнинг доимий бурчи ва вазифаси”, — деди Президент.
Шавкат Мирзиёев хорижда меҳнат қилаётган бирорта ҳам юртдошимиз ўз муаммоси билан ёлғиз қолмаслиги кераклигини таъкидлади.
Янги тартибга кўра, чет элда муаммога дуч келган фуқаролар элчи ёки консулни излаб юрмасдан, “Онлайн маҳалла” платформаси орқали ёрдам сўраб мурожаат қолдириши мумкин бўлади. Зарур вазиятда элчининг ўзи фуқаронинг олдига бориб, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади ва муаммосига ечим топишга кўмаклашади.
Давлат раҳбари мутасаддиларга ушбу тизимни 10 кун ичида йўлга қўйиш ва унинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича таклифлар киритишни топширди.








