Автомобиллар ҳовлидан чиқади, болалар учун жой очилади: Тошкентда янги лойиҳа
Кўп қаватли уйларнинг ички ҳовлиларидаги автотураргоҳларни ташқарига чиқариш режалаштирилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги “15 дақиқали қулай муҳит” лойиҳаси доирасида пойтахт маҳаллаларида амалга оширилиши режалаштирилган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Лойиҳа концепциясига кўра, боғча, мактаб, оилавий поликлиника, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва дам олиш масканлари пиёда 15 дақиқалик масофада жойлашиши керак. Бу орқали кундалик юмушларга сарфланадиган вақтни қисқартириб, оила, ҳордиқ ва мулоқот учун кўпроқ имконият яратиш кўзда тутилган.
Режага мувофиқ, автотураргоҳлар ва автомобиль йўлаклари кўп қаватли уйларнинг ички ҳовлиларидан ташқарига чиқарилиши мумкин. Бўшаган ҳудудлар болалар ўйнаши, сайр қилиш ва қўшниларнинг дам олиши учун мослаштирилади.
Шунингдек, маҳаллаларда болалар аравачаси билан сайр қилиш, сояда дам олиш ёки қўшнилар билан суҳбатлашиш мумкин бўлган хиёбонлар ва серсоя йўлаклар барпо этиш режалаштирилган. Болалар ва катталар учун спорт майдончалари ҳамда учрашув жойлари ҳам ташкил этилади.
Лойиҳа доирасида маҳалла кўчаларига замонавий видеокузатув тизимлари ва фавқулодда вазиятларда ёрдам чақириш имконини берувчи кўзга ташланадиган СОС тугмаларини ўрнатиш ҳам назарда тутилган.
Тошкент шаҳрида 2027 йилда 100 та, 2030 йилга бориб эса жами 400 та маҳаллани комплекс янгилаш режалаштирилган.
Ҳокимлик маълумотига кўра, лойиҳанинг асосий мақсади маҳаллаларни янада қулай ва хавфсиз масканга айлантириш, шу билан бирга, аҳоли ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ёрдамга тайёрлик каби қадриятларни сақлаб қолишдан иборат.








