Андижонда ота алимент ўрнига 2 хонали уй берди
Эркак, шунингдек, 96 млн алимент пулларини ҳам тўлаган.

Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 17.09.2021 йилдаги суд буйруғига асосан қарздор Д.Ш.дан ундирувчи Д.Б. фойдасига уч нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Бюронинг Андижон шаҳар бўлими томонидан мазкур ижро ҳужжати юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилиб, алимент тўловлари ўз вақтида ундирилиб келинган. Қарздор Д.Ш. 96 млн. сўм алимент пулларини тўлаш билан бирга фарзандларининг келажаги учун янада барқарорроқ ва манфаатли ечимни таклиф қилди.
Томонлар ўзаро келишувга эришиб, Д.Ш. уч нафар фарзандлари вояга етгунга қадар тўланадиган алимент пуллари ўрнига Андижон шаҳар, 1-кичик даҳада жойлашган кўп қаватли уйлардан 2 хонали хонадонни ундирувчи Д.Б. номига расмийлаштириб берди.
Ушбу ҳолат фарзандлар манфаатини биринчи ўринга қўйган, масъулиятли ва ижобий ёндашув намунаси сифатида эътироф этилади. Бундай амалий келишувлар нафақат суд ва ижро жараёнларини енгиллаштиради, балки болаларнинг барқарор муҳитда ўсишига ҳам хизмат қилади.







