Тошкентда алимент тўламаган 2 ота қамалди
Маълум бўлишича, улар алиментдан бўйин товлаб келган.

Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2023 йил 16 ноябрдаги суд буйруғига асосан, қарздор Д.М.дан ундирувчи з.М. фойдасига икки нафар фарзанди вояга етгунига қадар ҳар ойда иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Бироқ қарздор ота белгиланган тўловларни ўз вақтида амалга оширмагани оқибатида 2026 йил 1 ноябрь ҳолатига 7 млн 379 минг сўм алимент қарздорлиги юзага келган.
Давлат ижрочиси томонидан бир неча бор огоҳлантирилишига қарамай, қарздор алимент мажбуриятини бажармаган. Шу сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47⁴-моддаси асосида тўпланган ҳужжатлар судга юборилган.
Учтепа туман судининг 2026 йил 27 октябрдаги қарори билан Д.М. ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2018 йил 20 сентябрдаги ижро варақасига асосан, қарздор Д.Р.дан ундирувчи л.Т. фойдасига бир нафар фарзанди таъминоти учун ҳар ойда иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Давлат ижрочиси томонидан олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, қарздорнинг 2026 йил 1 ноябрь ҳолатига алимент бўйича қарздорлиги 21 млн 641 минг 323 сўмни ташкил этган.Қарздорга бир неча бор огоҳлантиришлар берилган бўлса-да, у фарзанди таъминоти учун белгиланган мажбуриятни бажармаган. Натижада унга нисбатан ҳам МЖтКнинг 47⁴-моддаси асосида расмийлаштирилган ҳужжатлар судга тақдим этилган.
Учтепа туман судининг 2026 йил 27 октябрдаги қарори билан Д.Рискулов ҳам ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.







