Каннаваро Италия клубидан таклиф олса, кетадими? Мураббий жавоб берди
Унинг фикрича, клубдаги мураббийлик фаолиятининг ўзига хос афзаллиги бор.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро келажакда Италия чемпионатида фаолият олиб бориши мумкинлиги ҳақида гапирди. У А Серия вакилларидан таклиф келса, бу борада Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан келишиб олишини билдирди. Каннаваро бу ҳақда Sky Sport телеканалидаги «Sky Calcio Unplugged» кўрсатувида иштирок этганида маълум қилди.
Суҳбат давомида мутахассис клуб ва миллий жамоада ишлашнинг ўзига хос жиҳатларига тўхталди. Унинг фикрича, клубдаги мураббийлик фаолиятининг ўзига хос афзаллиги бор: бунда футболчилар билан ҳар куни бирга бўлиш, машғулотлар ўтказиш ва жамоани мунтазам бошқариш мумкин.
Шундан сўнг унга Италиянинг А Серияси клубларидан таклиф келган тақдирда қандай қарор қабул қилиши ҳақида савол берилди. Каннаваро бундай ҳолатда ЎФА билан музокара ўтказишини айтди.








