Автобусларда бепул юриш қимматга тушди: 158 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланди
Йўл ҳақини тўламаганлардан йил бошидан буён 3,66 млрд сўмдан ортиқ жарима ундирилган.

Тошкент шаҳридаги автобусларда йил бошидан буён йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланган йўловчиларга нисбатан 158 237 та маъмурий баённома расмийлаштирилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
2026 йил 1–22 ноябрь кунлари ўтказилган назорат тадбирлари давомида 19 457 та қоидабузарлик қайд этилган. Бу кунига ўртача 884 та ҳолатни ташкил қилади.
22 ноябрь ҳолатига кўра, йил бошидан буён йўл ҳақини тўламаганлардан ундирилган жарималар миқдори 3 млрд 661 млн сўмдан ошган. Шундан қарийб 449,9 млн сўми ноябрь ойининг дастлабки 22 кунида ундирилган.
Шунингдек, назорат олиб борилаётган автобус йўналишларида йўловчилар оқими ҳам таҳлил қилинмоқда. 18–21 ноябрь кунлари 8, 11, 14, 28, 93, 116 ва 131-сонли йўналишларда жами 449 802 нафар йўловчи ташилган. Бу ўтган ҳафтанинг мос даврига нисбатан 5 792 нафарга ёки 1,3 фоизга кўп.
Мазкур йўналишларда тўрт кун давомида 1 228 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. Йўловчилар оқимининг энг юқори ўсиши 11-сонли йўналишда кузатилиб, 11,2 фоизни ташкил этган.








