Хорижлик фуқаролар учун янги мукофот: “Ўзбекистон эҳтироми” ордени таъсис этилмоқда
Сенаторлар хорижий давлат ва жамоат арбоблари, йирик компаниялар раҳбарлари ҳамда халқаро ташкилот вакилларини Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун тақдирлаш тартибини белгиловчи қонунни маъқуллади.

Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон эҳтироми” орденини таъсис этиш тўғрисидаги қонун кўриб чиқилиб, сенаторлар томонидан маъқулланди.
Қонун билан хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш, стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга қўшган ҳиссасини рағбатлантиришнинг ҳуқуқий асослари белгиланмоқда.
Ҳужжатга мувофиқ, икки даражали — “Олий даражали Ўзбекистон эҳтироми” ва “Ўзбекистон эҳтироми” орденларини таъсис этиш назарда тутилган.
“Олий даражали Ўзбекистон эҳтироми” ордени хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, хорижий давлатларнинг атоқли давлат ва жамоат арбобларига берилади.
“Ўзбекистон эҳтироми” ордени эса мамлакатнинг халқаро нуфузини ошириш ва турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган хорижий давлат ва жамоат арбоблари, йирик компаниялар раҳбарлари, Ўзбекистондаги хорижий элчилар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда бошқа хорижий фуқароларга топширилиши белгиланган.
Шунингдек, қонунда орден билан тақдирлаш тартиби, унинг низоми ва тавсифи мустаҳкамланиб, “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.








