1,3 млрд сўмлик зарар: Наманганда ноёб йиртқич қушни сотмоқчи бўлган шахс ушланди
Унинг ҳовлисида яна бир ёввойи лочин ноқонуний сақланаётгани аниқланган.

Наманган шаҳрининг Янги Аср маҳалласида ўтказилган рейд давомида фуқаро К.Б. ноёб йиртқич қуш — сакер лочинини сотишга урингани учун қўлга олинди. Шунингдек, унинг ҳовлисида яна бир ёввойи лочин ноқонуний сақланаётгани аниқланди.
Экология ходимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари аниқлаган қушлар Тўрақўрғон туманидаги ихтисослаштирилган питомникка топширилди.
Маълумот учун, лочинлар ва қирғийлар Ўзбекистон Қизил китобига, шунингдек, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарорига мувофиқ, қоидабузарлик оқибатида ёввойи табиатга етказилган зарар 1,3 миллиард сўмдан ортиқ деб ҳисобланди.
Ҳодиса юзасидан тўпланган материаллар ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чоралар кўриш учун прокуратура органларига юборилган.








