Қишки шиналарни қачон алмаштириш керак? ЙҲХБ ҳайдовчиларни огоҳлантирди
Шиналардаги ҳаво босимини камида ойига бир марта текшириш тавсия этилади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчиларга ёзги шиналарни қишкиларига алмаштириш ва автомобилларини совуқ мавсумга тайёрлашни эслатди.
Бошқарма маълумотига кўра, паст ҳароратда ёзги шиналар қаттиқлашиб, уларнинг йўл билан илашиш қобилияти 40–60 фоизгача камайиши мумкин. Шу сабабли ҳайдовчиларга тоғ учбурчаги ичидаги қор парчаси тасвири туширилган белгига эга қишки шиналарни танлаш тавсия этилади.
Қишки шиналар протекторининг чуқурлиги камида 4 миллиметр бўлиши керак. Протекторнинг эскириши тормоз масофасини узайтиради ва автомобилнинг йўлда барқарорлигини пасайтиради.
Шунингдек, шиналардаги ҳаво босимини камида ойига бир марта текшириш лозим. Совуқ ҳавода босим пасайиши мумкин. Меъёридан кам босим ёқилғи сарфини оширса, ортиқча босим автомобиль барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Бошқарма барча тўртта шинани бир вақтда алмаштириш кераклигини таъкидлади. Қишки шиналарни фақат олд ёки орқа ўққа ўрнатиш тавсия этилмайди.








