Меҳнат қонунчилигига ўзгартиришлар: уч ойгача стажировка ва ишдан бўшатишнинг янги тартиби таклиф қилинмоқда
Қонун лойиҳасида тажрибасиз номзодлар учун касбий стажировка, масофавий таълим олаётган ходимларга қўшимча кафолатлар ҳамда меҳнат шартномаси бекор қилинганда SMS орқали хабардор қилиш механизми назарда тутилган.

Ўзбекистонда Меҳнат кодекси ва «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Адлия вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган ҳужжатда ишга илк бор кираётган фуқаролар учун стажировка тизимини жорий этиш, масофавий таълим олаётган ходимларнинг ҳуқуқларини белгилаш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тартибини ўзгартириш кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, иш тажрибаси бўлмаган ёки бошқа соҳада фаолият бошламоқчи бўлган фуқаролар учун «иш ўрганувчи стажёр» институти жорий этилиши мумкин. Бунда улар уч ойгача муддат давомида корхонада амалий кўникма орттиради.
Стажировка касбий стажировка шартномаси асосида ташкил этилади. Унда стажёрнинг қайси касб ёки лавозим бўйича тажриба орттириши, унга бириктириладиган мураббий, стажировка муддати ва бошқа шартлар кўрсатилиши керак. Жараён якунида стажёрга сертификат бериш ҳам назарда тутилган.
Лойиҳа асосида иш берувчи стажировка даври учун ҳақ тўлаш ёки тўламаслик масаласини мустақил ҳал қилиши мумкин. Ҳужжатнинг асослантирувчи қисмида эса стажировка уч ойгача ҳақ тўланмайдиган шаклда ташкил этилиши қайд этилган.
Ҳужжатда кечки, сиртқи ва масофавий таълим шаклида таҳсил олаётган ходимларга бериладиган ўқув таътиллари муддатларини аниқ белгилаш таклиф этилган. Унга кўра, олий таълим муассасаларида масофавий шаклда ўқиётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессияларида қатнашиш учун йилига камида 15 календарь кун ўқув таътили берилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, масофавий таълим шаклида таҳсил олаётган ходимлар учун мослашувчан иш вақти режимини қўллашга рухсат берилиши мумкин. Сиртқи ва масофавий таълимда ўқиётган ходимларнинг сессия ҳамда давлат аттестациясида иштирок этиш учун бориб-келиш харажатларининг камида 50 фоизини иш берувчи қоплаши таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасида меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимни хабардор қилишнинг муқобил усуллари ҳам белгиланмоқда. Унга кўра, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ нусхасини ходимга почта орқали юбориши ёки «Ягона миллий меҳнат тизими» орқали унинг шахсий кабинетига, уяли телефон рақамига ёхуд электрон почта манзилига жўнатиши мумкин. Меҳнат шартномасида келишилган бўлса, бошқа интернет дастурлари орқали ҳам электрон хабар юборишга рухсат берилади.
SMS-хабарда меҳнат шартномаси бекор қилинган сана ва бунга асос бўлган сабаблар кўрсатилиши керак. Бундан ташқари, ишга тиклаш билан боғлиқ меҳнат низолари бўйича судга мурожаат қилишнинг уч ойлик муддати буйруқ нусхаси топширилган ёки тегишли SMS-хабар юборилган кундан бошлаб ҳисобланиши таклиф этилмоқда.








