Тошкентда ноқонуний «Call-марказ»лар фаолиятига чек қўйилди: 122 нафар хорижлик қўлга олинди
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари давомида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари пойтахт ҳудудида яширин равишда фаолият юритиб келган иккита «Call-марказ»ни фош этишди. Маълум бўлишича, ушбу ноқонуний тузилмалар Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари фуқаролари томонидан ташкил этилган.
Ўтказилган рейд натижасида 122 нафар чет эл фуқароси ушланиб, улардан 18,5 минг АҚШ доллари ва 116,5 миллион сўм нақд пул, 569 та мобил телефон, 67 та ноутбук, 5 та компьютер ва 3 та планшет, 6 та Wi-Fi роутер ва 3 та сунъий йўлдош алоқа қурилмаси, xорижий алоқа операторларига тегишли 1000 дан зиёд SIM-карталар мусодара қилинди.
Терговга қадар текширувларда аниқланишича, гумонланувчилар Европа ва Шарқий Осиё давлатларида оммабоп бўлган онлайн платформалар орқали турли фирибгарлик схемаларини қўллаган. Улар хорижликларга зарарли (вирусли) ҳаволалар юбориш йўли билан ўзгаларнинг маблағларини ўзлаштириб келишган. Шунингдек, ушбу гуруҳ томонидан жами 64 895 USDT қийматидаги крипто-активларнинг ноқонуний айланмаси амалга оширилгани маълум бўлди.








