Нью-Йоркда 8-синфгача бўлган ўқувчиларга сунъий интеллектдан фойдаланиш тақиқланди
Юқори синф ўқувчилари учун йилига икки марта сунъий интеллект саводхонлиги дарслари ўтказилади.

Нью-Йорк шаҳридаги давлат мактабларида бошланғич ва ўрта синф ўқувчилари учун генератив сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишга бир йиллик тақиқ жорий этилди. Чеклов қарийб 600 минг нафар ўқувчига тааллуқли бўлади.
Шаҳар мэри Зоҳран Мамдани маълум қилишича, тақиқ 8-синфгача бўлган ўқувчилар учун мўлжалланган сунъий интеллект дастурларини қамраб олади. Ҳозир мактабларда фойдаланилаётган қарийб 40 та таълимий сунъий интеллект воситасидан фойдаланиш тўхтатилади. Чатботлардан фойдаланиш эса барча синфларда тақиқланади.
Юқори синф ўқувчилари тўлиқ тақиқдан озод қилинади. Улар учун йилига икки марта сунъий интеллект саводхонлиги дарслари ўтказилади. Айрим ўқувчилар эса ўқитувчи назорати остида танланган AI платформаларидан фойдаланиладиган синов дастурларида қатнашади.
Ўқитувчиларга дарсларни режалаштириш ва жадвал тузиш каби маъмурий вазифаларда сунъий интеллектдан фойдаланишга рухсат берилади.
Шунингдек, Нью-Йорк мактабларида экран қаршисида ўтказиладиган вақт ҳам чекланади: 3–5-синфлар учун кунига 30 дақиқа, 6–8-синфлар учун эса 45 дақиқагача.
Расмийлар тақиқни болаларнинг мустақил фикрлаши, шунингдек, ўқитувчилар ва тенгдошлари билан юзма-юз мулоқотини ривожлантириш зарурати билан изоҳламоқда.








