Энди алимент тўловчилар суғурта полиси орқали чет давлатга чиқиши мумкин бўлади
Ушбу тартиб лицензияга эга суғурталовчилар орқали амалга оширилади ва ижро бюроси ахборот тизимида автоматик аниқланади.

Адлия вазирлиги “Суд ҳужжати асосидаги ижро ҳужжатларини узрсиз сабаблар билан ижро этмаган қарздор жисмоний шахсларнинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклаш бўйича ваколатли давлат органларининг ҳамкорлиги тўғрисида”ги низомга қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди.
Шу орқали алимент тўлаши шарт бўлган шахслар, суғурта полисини илова қилиб илтимоснома билан мурожаат қилганда, давлат ижрочиси уларнинг чет давлатга чиқиши бўйича вақтинчалик чекловни тўхтатиб туради.
Бундай суғурта турлари фақат тегишли лицензияга эга суғурталовчилар томонидан амалга оширилади. Суғурта полисининг мавжудлиги Мажбурий ижро бюроси томонидан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг ахборот тизими орқали автоматик равишда аниқланади.
Ушбу янгилик алимент тўловчиларга чет давлатга сафар қилиш имконини беради, шу билан бирга ижро бюроси ва давлат органлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлайди.







