Андижонда кадастр бўлими бошлиғи пора билан ушланди
Ҳозирда унга нисбатан жиноий иш очилган.

Андижон вилоятида кадастр бўлими бошлиғи 6 минг доллар пора билан ушланди. Бу ҳақда давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Андижон вилоятидаги туманлардан бирининг кадастр бўлими бошлиғи фуқарога боғдорчилик йўналишида фойдаланиш учун ҳокимият томонидан ижарага берилган 1 гектар ер майдонининг 17 сотих қисмидаги ноқонуний қурилмани бузиш бўйича далолатнома расмийлаштирмаслик, судларга даъво аризаси киритмаслик ва уни жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан прокуратура органларига ҳужжатлар тақдим қилмаслик, шунингдек, кейинчалик ушбу ер майдонининг 22 сотих қисмини “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун асосида турар-жой сифатида расмийлаштирилишида ёрдам бериш эвазига 6 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Аммо у сўралган пул маблағини ўзининг хизмат хонасида олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.







