АҚШ Конгресси аъзолари Украинага қўшимча 12 миллиард доллар ёрдам ажратилишига рози бўлди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
3 сентябрь куни Жозеф Байден Киев учун янги ёрдам пакетини ажратилишини сўраб Конгрессга мурожаат қилганди. Бу маблағ 2023 молиявий йилининг биринчи чорагида тақдим этилади. Оқ уй маълумотларига кўра, молиявий ёрдам янги қуроллар сотиб олиш ва Украина иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун сарфланади.
Reuters’нинг қўшимча қилишича, конгрессменлар 1 октябрга қадар бу бўйича қонун лойиҳасини кўриб чиқади.
19 сентябрь куни Украина бюджетига Жаҳон банки мақсадли фонди орқали Вашингтон 1.5 миллиард доллар тақдим этганди. Ушбу дастур доирасида Киев жами 4.5 миллиард доллар олди. АҚШ ҳукумати 24 февралдан буён украиналикларга 18 миллиард доллар ажратган.
Аввалроқ Вашингтон Украина фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш учун 457 миллион доллар тақдим этганди.


