Австралия ҳукумати 6 декабрь куни Афғонистондаги «Толибон» ҳаракати раҳбариятининг тўрт нафар аъзосига нисбатан молиявий чекловлар ва визага тақиқ қўллади. Бу ҳақда Реутерс хабар берди.
Мазкур чоралар Афғонистон аёллари ва қизларининг ҳуқуқлари кескин чеклангани сабабли қўлланмоқда. Ташқи ишлар вазири Пенни Вонг таъкидлашича, жазо рўйхатига киритилган расмийлар аёлларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, эркин ҳаракатланиши ва жамият ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқларини чеклашда бевосита масъулдир.
Санкциялар уч нафар вазир ва Толибон бош судьясига қаратилган бўлиб, улар халқаро молиявий операциялардан четлаштирилади ва Австралияга кира олмайди.
Вазир Пенни Вонгнинг таъкидлашича, бу чоралар Австралия ҳукуматининг янги санкция механизми доирасида амалга оширилган бўлиб, Толибон режимига босимни кучайтириш ҳамда Афғонистон халқига нисбатан зулмни нишонга олишга қаратилган.
Австралия 2021 йил августида қўшинларини Афғонистондан олиб чиққан. Шундан сўнг, мамлакат хавфсизлик таҳдиди остида қолган минглаб афғон фуқароларини, асосан аёллар ва болаларни эвакуация қилиб қабул қилган.
Бугунги кунда Афғонистонда миллионлаб одамлар гуманитар ёрдам эвазига яшамоқда. Халқаро ҳамжамият эса аёллар ҳуқуқларининг кескин чекланиши учун Толибонни танқид қилишда давом этмоқда. Ҳаракат раҳбарияти эса ўз сиёсатини “исломий қадриятлар ва маҳаллий урф-одатларга мос” деб таърифлаб келади.


