Бухоро вилоятида йўл-патруль хизмати инспектори томонидан ҳайдовчига нисбатан ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ берилди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зойир Йўлдошев маълум қилди.
Расмий маълумотга кўра, 2025 йил 18 ноябрь куни Ромитан туманида вилоят ЙҲХБ маъмурий амалиёт маркази инспектори, кичик сержант Сайфиев хизмат автомобили (Нехиа-2)ни бошқариб кетаётган вақтида светофорнинг қизил ишорасида тўхтаб турган Эқуинох ҳайдовчисига йўл беришни талаб қилиб, чироқларни бир неча бор ёқиб-ўчирган.
Шундан сўнг инспектор Эқуинох автомобилининг олд қисмига ўтиб, ҳайдовчига асоссиз тарзда “Транспорт воситасида авария содир этдингиз”, дея айблов қўйган ва боди-камерасиз ҳолда транспорт воситасини йўл четига олиб чиқишни талаб қилган.
Ҳолат бўйича вилоят ЙҲХБ масъуллари томонидан кичик сержант Сайфиевга нисбатан хизмат текшируви тайинланди. Текширув якунлари бўйича воқеага қонуний баҳо берилиши маълум қилинди.


