27 январь куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан устоз журналист Ирисмат Абдухолиқовнинг “Давр журналист нигоҳида” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда ЎзМАдан тортиб ижодий жамоатчилик, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларгача бўлган кенг қатлам вакиллари иштирок этди.
Тақдимотни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдуқодир Кўчимов очиб, асарда муаллифнинг ярим асрдан ортиқ журналистик фаолияти давомида гувоҳ бўлган тарихий воқеалар, шахсий хотиралар ва касбий тажрибалар мужассам эканини таъкидлади. У китоб журналистиканинг тирик тарихи сифатида алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Китобда Ирисмат Абдухолиқовнинг ўзига хос холис ва самимий услуби яққол сезилади. Муаллиф фаолияти давомида мулоқот қилган турли шахслар образлари орқали давр руҳи очиб берилади. Айниқса, Шароф Рашидов сиймосининг чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан тасвирлангани алоҳида эътиборга сазовор.
Шунингдек, тўпламдан Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари ҳамда Вашингтон, Нью-Йорк, Москва, Деҳли, Анқара, Макка ва Мадина каби шаҳарлардан тайёрланган жонли репортажлар, телевидение ва радио журналистикасига оид илмий-назарий мақолалар ҳам ўрин олган. Мутахассислар фикрича, “Давр журналист нигоҳида” нафақат хотиралар китоби, балки журналистлар ва талаба-ёшлар учун муҳим ўқув-амалий қўлланма вазифасини ҳам бажаради.


