Бугунги кунда тиббиёт соҳасидаги трансформация жараёнлари янги босқичга кўтарилмоқда. Буни амалётга татбиқ этилаётган Реимбурсация дастури мисолида ҳам кўриш мумкин. Реимбурсация, яъни “харажатларни қоплаш” маъносини англатадиган бу тизим 2020 — 2024 йиллар давомида Сирдарё вилоятида синовдан ўтказилди. Ҳозирги пайтда эса Сирдарё вилояти билан бирга Тошкент шаҳрида ҳам амалиётга татбиқ этилмоқда.
Хўш, бу дастурнинг асосий моҳияти нимадан иборат, бу орқали қандай мақсадлар кўзланмоқда? Ушбу эзгу ишда Президентимизнинг 2024 йил 5 сентябрдаги “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлганини айтиш зарур. Зеро, унда шифокор томонидан расмийлаштирилган электрон ресепт асосида дори воситалари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми доирасида беморга дорихоналар томонидан бепул берилиши ва барча харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилган.
Ҳозир дастурга 7 хил сурункали хасталик — гипертония, юрак-ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2 тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив хасталиги киритилган бўлиб, уларга чалинган беморларга 27 хил дори-дармонлар бепул берилади. Тизимдан фойдаланиш имкон қадар соддалаштирилган. Фуқаро, аввало, оилавий шифокорга бориб учрайди. Бордию, унда сал илгарироқ номлари келтириб ўтилган касалликлардан бири аниқланадиган бўлса, шифокор электрон ресепт шакллантиради.
Сўнг бемор телефонига СМС код келади ва шу код Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган дорихонага ҳам боради. Бемор ёки унинг яқинларидан бири шу СМС кодни дорихона ходимига кўрсатиб, ресептдаги дориларни олиши мумкин бўлади. СМС яхши ишламайдиган жойлардаги беморлар нима қилади? Албатта, бу масала ҳам ҳисобга олинган. Оилавий шифокор томонидан ҚР-кодли электрон ресепт шакиллантирилади ва беморга берилади.
Бемор ёки унинг яқинларидан бири ҚР-кодли электрон ресептни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган дорихона ходимига тақдим этади ва ўзига керакли дори воситаларини олади. Аммо шу билан жараён якунланмайди. Бемор ўзи олган дориларни қабул қилиб бўлгач, яна шифокор ҳузурига келади. Шифокор уни текшириб бўлгач, янги электрон ресептни шакллантиради. Бу галги дорилар миқдори, яъни дозаси фарқ қилиши мумкин. Муҳими, ана шу жараён то бемор дарддан тўлиқ фориғ бўлиб кетгунича давом этади.
Шу ўринда яна бир жиҳатни кўздан қочирмаслик керак. Гап беморларда кузатиладиган ўзига хос «инжиқлик» ҳақида бормоқда. Айрим беморларнинг дори воситаларини вақтида қабул қилмаслиги ҳолатлари учраб туради. Бу жиҳат ҳам дастур ижодкорлари эътиборидан четда қолмаган. Патронаж ҳамшираси ўзининг ҳудудида дастур доирасидаги неча бемор борлигини яхши билади ва тез-тез уларнинг уйига бориб, назорат қилиб туради. Кимдир дорини вақтида қабул қилмаётган бўлса, ҳамшира тушунтириш ишлари олиб боради.


