Жеффри Эпштейн иши бўйича яқинда эълон қилинган ҳужжатларда Маккадаги Каъбадан муқаддас мато — Кисва бўлаклари Қўшма Штатларга юборилгани ҳақида маълумотлар аниқланган. Мазкур жўнатмалар Бирлашган Араб Амирликлари билан боғлиқ алоқалар орқали ташкил этилиб, Жеффри Эпштейнга етказиб берилган. Бу ҳақда middleeasteye нашри хабар берди.
Ҳужжатларда қайд этилишича, 2017 йил февраль–март ойларида БААда яшовчи тадбиркор аёл Азиза ал-Аҳмадий Абдуллоҳ ал-Маари исмли шахс билан ҳамкорликда Каъбани қоплайдиган қора, олтин каштали Кисванинг учта бўлагини жўнатган.
Кисва Ислом оламида ниҳоятда муқаддас ҳисобланади. Ҳар йили Каъбадан эски мато олиниб, ўрнига янгиси ўрнатилади. Олдинги Кисва қисмлари диний ва тарихий аҳамиятга эга нодир артефакт сифатида эътироф этилади.
Эпштейн файлларига кўра, юк Саудия Арабистонидан Флорида штатига Бритиш Аирвайс орқали ҳаво юклари ёрдамида жўнатилган.
Мазкур юк 2017 йил март ойида Эпштейннинг Флоридадаги уйига етказилган. Бу вақтга келиб у аллақачон жинсий жиноятчи сифатида судланган ва рўйхатга олинган эди.
Электрон почта хабарларидан бирида Аҳмади Эпштейнга мурожаат қилиб, матонинг диний аҳамиятини таъкидлаган. Ёзишмаларда ушбу буюмлар нега айнан Эпштейнга юборилгани ва томонлар ўртасидаги танишув тафсилотлари очиқланмаган.
Бундан ташқари, эълон қилинган ҳужжатлар орасида Эпштейн АҚШ ва Исроил разведка тузилмалари билан алоқада бўлгани ҳақидаги ФҚБ меморандуми ҳам бор. Унда унинг Исроилнинг собиқ бош вазири Эҳуд Барак билан яқин муносабатда бўлгани қайд этилган.


