Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Фарғона ва Наманган вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ Zamon.uzga хабар берди.
Фарғона вилояти Боғдод туман ҳокими ўринбосари 8 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини олган вақтида қўлга олинди. Ўтказилган терговга қадар текширувларда аниқланишича, у Бешариқ туманида яшовчи фуқарога “электрон онлайн аукцион” платформаси орқали ижара асосида ютиб олинган 2,4 сотих ер майдонини бошқа шахсга мулк ҳуқуқи асосида ўтказиб беришни ваъда қилган.
Наманган шаҳар ҳокимининг маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги тадбиркорликни ривожлантириш ва бандлик масалалари бўйича ёрдамчиси “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ажратилган 8 сотих ер майдони учун далолатнома расмийлаштириб бериш, бир йил ўтгач ер тоифасини турар-жой тоифасига ўзгартириб беришни ваъда қилиб, бунинг эвазига 6 минг АҚШ доллари талаб қилган вақтида ушланган.
Ҳудди шундай ҳолат Янги Наманган туманнинг бошқа бир маҳалласида ҳам аниқланган. Туман ҳокими ёрдамчиси давлат захирасидаги 12 сотих ер майдонининг ҳужжатларини расмийлаштиришни ваъда қилиб, 16 минг АҚШ доллари талаб қилган. Шундан 6 мингини олган вақтида жиноят аломатлари билан қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу шахслар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


