Ҳарбий олий таълим битирувчилари учун 5 йиллик мажбурий хизмат тартиби жорий этилди
Хизматни ўтамаслик ёки тарк этиш ҳолатларида ўқиш харажатлари давлатга қоплаб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчиларининг хизмат ўташ тартибини белгиловчи қарор имзоланди. Янги ҳужжатга кўра, олий ҳарбий таълимни тамомлаган шахслар камида беш йил давомида офицер сифатида ҳарбий хизматни ўташи шарт этиб белгиланди.
Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот канали маълум қилди.
Қарорга мувофиқ, белгиланган муддатда хизматни ўташдан бош тортган ёки хизматни сабабсиз тарк этган битирувчиларни тайёрлаш учун сарфланган давлат харажатлари улар томонидан қоплаб берилади.
Мазкур тартиб илгари амал қилган тизимдан фарқ қилади. Аввал олий ҳарбий ўқув юртлари битирувчилари Қуролли Кучлар билан бир қаторда бошқа вазирлик ва идоралар тизимида ҳам хизматга жалб этилиши мумкин эди. Эндиликда эса битирувчиларнинг бевосита ҳарбий хизматни ўташи мажбурий тартибда мустаҳкамлаб қўйилди.







