Жами 11 кг: Учта вилоятда наркотик савдоси фош бўлди
ДХХ гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган шахсларни қўлга олди.

Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида жами 11 килограммдан ортиқ наркотик моддалар ашёвий далил сифатида олинди. Бу ҳақида ДХХ Zamon.uz'га маълум қилди.
Билдирилишича, Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи шахс белгиланган тартибни бузиб, айланма йўллар орқали Тожикистон Республикасидан 8 кг 860 гр “опий” моддасини контрабанда йўли билан мамлакат ҳудудига олиб ўтган вақтида “ўзбек-тожик” давлат чегарасини қўриқлаётган ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан, гиёҳвандлик воситасини ташлаб, номаълум томонга қочган.
Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида оғуфуруш қўлга олинган.
Терговга қадар текширув давомида Ургут туманида яшовчи шахс унинг жиноий шериги эканлиги аниқланиб, процессуал тартибда ушланган.
Сурхондарё вилоятида қайд этилган ҳолатда Денов туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан текширилганда унинг ёнида 31 гр “опий” моддаси борлиги маълум бўлган.
Шундан сўнг у ажал оғусини Денов туманида истиқомат қилувчи фуқародан сотиб олганлиги аниқланиб, мазкур наркосавдогарнинг яшаш хонадонидан ҳам 1 кг 483 гр “опий” моддаси ашёвий далил сифатида олинган.
Хоразм вилоятида кузатилган ҳолатда Гурлан туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун икки маротаба судланган шахс 877 гр “гашиш” моддасини харидорга 14 минг АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинган.
Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси тожикистонлик наркокуръерлар томонидан айланма йўллар орқали олиб келинган.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.







