Ливия Миллий келишув ҳукумати маълумотига кўра, Ливия армияси Бош штаби бошлиғи Муҳаммад ал-Ҳаддод ва унинг делегацияси аъзолари Туркияда юз берган самолёт ҳалокатида вафот этган. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Абдулҳамид Дбеиба расмий баёнотида маълум қилди.
Қайд этилишича, Муҳаммад ал-Ҳаддод 23 декабрь куни кечқурун Анқара шаҳри яқинида ҳалокатга учраган самолёт бортида бўлган. У билан бирга генералнинг маслаҳатчиси Муҳаммад ал-Асавий Диаб, Қуруқликдаги кучлар штаби бошлиғи генерал-лейтенант Ал-Файтури Ғариб, бригада генерали Маҳмуд ал-Кативий ҳамда Бош штаб бошлиғи матбуот хизмати фотографи Муҳаммад Умар Аҳмад Маҳжуб ҳам бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокатга учраган самолёт Ливия давлатига тегишли бўлмаган, балки ижарага олинган бўлган. Парвоздан кўп ўтмай, экипаж авиация бошқарувига техник носозлик юзага келгани ҳақида хабар берган. Самолёт электр тизимидаги носозлик сабабли Анқарадаги Эсенбўға аэропортига фавқулодда қўнишга уринган.
Самолёт қолдиқлари Анқара вилоятининг Ҳайман тумани ҳудудида, Кесиккавак қишлоғидан тахминан 2 километр жанубда топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Анқара Бош прокуратураси томонидан авиаҳалокат сабабларини аниқлаш бўйича тергов ишлари бошланган.


