Наманган вилоятининг Косонсой туманида 141 дона қалбаки 100 АҚШ доллар йўқ қилинди. Бу ҳақида МИБ ахборот хизмати Zamon.uz'га маълум қилди.
Қайд этилишича, суд ҳукмига асосан ашёвий далил сифатида сақланган 14 100 АҚШ доллари миқдоридаги қалбаки пул белгиларини йўқ қилиш жараёни белгиланган тартибда ўтказилган.
Мазкур тадбир Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Косонсой туман бўлими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар,тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида, очиқлик ва шаффофлик принципларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилган.
“Мажбурий ижро бюроси томонидан қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилади”, дейилади хабарда.


