1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Навоийда 15,5 млрд сўмлик олтинни ноқонуний олтин қазиб олган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Жиноий гуруҳ бир неча ой давомида ноқонуний фаолият олиб бориб, сунъий ҳовузлар ва ағдарма майдонларини ташкил қилган ҳамда таркибида олтин мавжуд бўлган тоғ жинсларини тўплаш билан шуғулланган.

Навоийда 15,5 млрд сўмлик олтинни ноқонуний олтин қазиб олган жиноий гуруҳ қўлга олинди

 

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида олтинни ноқонуний қазиб олиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

 

Қайд этилишича, 2025 йилнинг ёз ойларида Навбаҳор тумани «Қалқонота» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Сармишсой тоғ тизмасидаги ер майдонларида бир гуруҳ шахслар томонидан рухсатсиз олтин қазиб олиш ишлари йўлга қўйилган. Жиноий гуруҳ бир неча ой давомида ноқонуний фаолият олиб бориб, сунъий ҳовузлар ва ағдарма майдонларини ташкил қилган ҳамда таркибида олтин мавжуд бўлган тоғ жинсларини тўплаш билан шуғулланган.

 

2025 йил октябрь ойида Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Навоий вилояти бўйича бўлими, вилоят Ички ишлар бошқармаси тезкор-қидирув хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилиб, мазкур ноқонуний фаолиятга чек қўйилди ва олтин қазиб олиш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди.

 

Тезкор тадбирлар давомида жиноят аломатларини тасдиқловчи қум уюмлари, сунъий ҳовузлар, ағдарма майдонлари ва турли буюмлар белгиланган тартибда расмийлаштириб олинди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жиноий гуруҳ томонидан таркибида 9 килограмм 928 грамм олтин моддаси мавжуд бўлган, умумий қиймати 15 миллиард 551 миллион 219 минг сўмлик тоғ жинслари ўзлаштирилган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 196-2-моддаси 3-қисми «а» банди (фойдали қазилмаларни рухсатномасиз, жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда қазиб олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Мазкур моддага кўра, айбдор шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 500 бараваригача жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши мумкин.

 

Ҳозирда уюшган жиноий гуруҳнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги, аъзолари ҳамда уларнинг вазифаларини аниқлаш бўйича тезкор-суриштирув ишлари давом эттирилмоқдa.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика