Навоийда ҳам экология инспектори калтакланди
Броконьерлар қўлга тушмаслик учун ўзларига ёрдам сифатида Бухоро вилоятидан жиноий гуруҳларга мансуб шахсларни чақирган.

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида ноқонуний ов билан шуғулланиб юрган бир гуруҳ броконьерлар вилоят экология бошқармаси тезкор гуруҳи ходими И.Хўжаевнинг қонуний талабларига бўйсунмай, унга нисбатан куч ишлатган.
Дастлабки маълумотларга кўра, броконьерлар қўлга тушмаслик учун ўзларига ёрдам сифатида Бухоро вилоятидан жиноий гуруҳларга мансуб шахсларни чақирган ва уларнинг кўмаги билан воқеа жойидан яширинган.
Навоий вилояти ИИБ томонидан ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилди. Видеодаги шахсларнинг барчаси аниқланиб, Ички ишлар бўлимига олиб келинди.
Текширув давомида Бухоро вилоятидан келган 5 нафар фуқаро «Тўдакўл» сув ҳавзаси ҳудудида ноқонуний ов қилгани, экология бошқармаси инспекторининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабларига бўйсунмагани ва унга куч ишлатгани маълум бўлди.
Автомашина юкхонасини кўздан кечириш чоғида 1 дона ёввойи қуён, 2 дона ёввойи ўрдак ҳамда сақлаш учун рухсатномаси мавжуд бўлган 4 дона ов қуроли аниқланиб ҳужжатлаштирилди.
Ҳозирда Қизилтепа тумани ИИБ томонидан барча зарур экспертизалар тайинланган бўлиб, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ экоэнспектрони калтаклаган Бувайда ҳокими ўринбосари ишдан одингани ҳақида хабар берилган эди.







