Нурафшонда ҳоким ёрдамчиси 2 минг доллар пора билан ушланди
У аввал ҳам бир неча бор судланган.

Нурафшон шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси Тошкент шаҳрида яшовчи фуқарога мансабдор танишлари орқали Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармасига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган. У ушбу «хизмати» эвазига 2 минг АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳоким ёрдамчиси сўралган пулни танишлари орқали олаётган вақтида қўлга олинган ва унинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилган.
Аниқланишича, ушбу шахс аввал ҳам бир неча бор судланган бўлсада, қилган қилмишларидан тегишли хулоса чиқармаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ҳамда 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







