Оилавий поликлиникаларда тиббий хизматлар пулли бўлиши ҳақидаги хабарлар асоссиз — ССВ
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ДМEД тизими бўйича тарқалган ёлғон хабарларга изоҳ берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган оилавий поликлиникаларда тиббий хизматлар янги йилдан бошлаб пулли бўлиши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Қайд этилишича, айрим манбаларда фуқаролар жорий йилнинг 31 декабрига қадар ДМEД ахборот тизимига бириктириш учун поликлиникаларга паспорт ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар билан мурожаат қилиши, акс ҳолда тиббий хизматлар пулли асосда кўрсатилиши ҳақида асоссиз маълумотлар тарқалган.
Вазирлик матбуот хизматининг билдиришича, ҳозирда республика аҳолисининг 37,7 миллион нафари ДМEД тизимига бириктирилган бўлиб, уларнинг электрон тиббий карталари тўлиқ шакллантирилган. Шу сабабли фуқароларни тизимда қайта рўйхатдан ўтказишга зарурат мавжуд эмас.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида (КТМЙ, ОП, ОШП) аҳолига тиббий хизматлар давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида бепул кўрсатилади.
Кафолатланган пакет доирасидаги тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш учун белгиланган муддатларда тегишли тиббий кўриклардан ўтиш ҳамда оилавий шифокор ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиш талаб этилади. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам бундан мустасно ҳисобланади.
Оилавий шифокор даволаш ва ташхислаш стандартларига мувофиқ равишда тор соҳа мутахассисларига ёки зарур ҳолларда шифохоналарга электрон йўлланма беради. Мазкур йўлланма асосида бемор тор соҳа шифокори кўригидан ўтказилади ёки шифохонага ётқизилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини тизимдаги ўзгаришлар ва расмий маълумотларни фақат вазирликнинг расмий манбалари орқали олишга чақирди.







