"Озарбайжон Европага нафақат газ, балки «яшил» энергия ҳам экспорт қилади", — деди президент Илҳом Алиев Берлинда Германия канцлери Олаф Шолс билан учрашувда.
Озарбайжон ўзини Германия ва Европага газ ҳамда қайта тикланадиган энергия манбалари етказиб берувчиси сифатида таклиф этмоқда.
Алиевнинг сўзларига кўра, Европага етказиб бериладиган газ ҳажми 2027 йилга бориб 20 миллиард куб метрга кўтарилади, Ҳозирда бу 12 миллиард куб метр.
“Бундан ташқари, Озарбайжон қайта тикланадиган энергия манбаларининг жуда катта салоҳиятига эга. Фақат Каспий денгизининг шамол энергияси салоҳияти 157 гигаваттни ташкил этади”, — деди Президент.
Олаф Шолс, ўз навбатида, Озарбайжон билан энергетика соҳасида янада фаол ҳамкорлик қилишга чақирди.
“Мамлакат Германия ва Европа энергия таъминотини диверсификация қилишга муҳим ҳисса қўшиш имкониятига эга”, — деди канцлер.
Россиянинг Украинага ҳарбий босқинидан сўнг Европанинг камида ўнта давлати Озарбайжондан газ етказиб беришга қизиқиш билдирган. Ҳозиргача асосий харидорлар Туркия, Грузия, Италия ва Греция бўлган. Тез орада газ Руминия, Албания ва Венгрияга ҳам етказиб берилиши кутилмоқда.
“Албатта, узоқ муддатли шартномалар имзоланиши керак”, — дея қўшимча қилди Алиев.


