Ўзбекистонда 14–18 ёшли ўсмирларга банк картасини мустақил очиш ҳуқуқи берилди
Ушбу қарор аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва рақамли банк тизимини ривожлантиришга қаратилган.

Ўзбекистон Марказий банки томонидан банк карталарига оид қоидаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Янгиланган тартибга кўра, эндиликда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ўз номларига банк картасини мустақил равишда очиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Мазкур ҳужжат 2025 йил 11 ноябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, у аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва рақамли банк тизимини ривожлантиришга қаратилган.
Янги тартибга мувофиқ:
- 14–18 ёшли ўсмирлар эндиликда банк картасини мустақил очиши мумкин;
- 14 ёшгача бўлганлар учун эса ота-онанинг бири ёки қонуний вакилининг ёзма розилиги талаб этилади;
- Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар бизнес банк карталари орқали ўз ҳисобварақларидаги маблағларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлади;
- Юридик шахслар ичимлик ва оқова сув хизматлари учун тўловларни корпоратив банк карталари орқали амалга ошириши мумкин.
Шунингдек, банк карталари турлари сафига ижтимоий банк картаси ҳам киритилди. Эндиликда олдиндан эмиссия қилинган шахсий банк карталарини чиқариш ҳамда мобил иловалар орқали фойдаланувчини идентификация қилган ҳолда картани фаоллаштириш тартиби белгилаб қўйилди.
Мазкур янгиликлар Ўзбекистонда молиявий тизимни янада қулай, хавфсиз ва инклюзив қилишга хизмат қилади.







