Вазирлар Маҳкамасининг янги қарорига кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун дарсдан ташқари машғулотларга тўланадиган тўловларнинг 80 фоизгача бўлган қисми давлат томонидан компенсация қилинади. Мазкур чора-тадбир таълим имкониятларини кенгайтириш ва болаларнинг қўшимча билим олишига шароит яратишга қаратилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотига кўра, компенсация миқдори болаларнинг ёш тоифасига қараб белгиланади.
7–11 ёшли ўқувчилар учун умумтаълим мактаблари ҳузурида тўгараклар ва дарсдан ташқари машғулотлар ташкил этилади. Уларининг ойлик тўлови 1 БҲМдан ошмаслиги лозим.
12–18 ёшли ўқувчилар математика, физика, хорижий тиллар ва бошқа фанлар бўйича ойига 2 БҲМгача тўлов асосида қўшимча таълим олишлари мумкин.
15–18 ёшдагилар эса ахборот технологиялари, чет тиллари ёки касб-ҳунар курсларида ойига 4 БҲМгача тўлов билан қатнашиш имконига эга бўлади.
Ота-оналар ушбу хизматдан ЕПИГУ давлат портали орқали фойдаланадилар. Шартномалар онлайн тарзда тузилади, тўлов ва давомат маълумотлари эса kelajak.uzedu.uz платформасида автоматик тарзда қайд этилади. Ҳар бир ўқувчи тўққиз ойгача давом этувчи икки турдаги машғулотни танлаши мумкин.
Мазкур қарор ижтимоий тенгликни таъминлаш, ҳар бир боланинг таълимга бўлган ҳуқуқини кенгайтириш ҳамда ёш авлодни рақобатбардош касб-ҳунарларга йўналтиришга хизмат қилади.


