Ўзбекистон

Ўзбекистонда Бюрократияни бартараф этиш дастури ишга туширилди

2030 йилгача давлат хизматларининг 95 фоизи электрон шаклга ўтади, идоралар АI платформаси орқали баҳоланади, фуқаролар ташаббуслари учун 3 миллион долларлик фонд ташкил этилади.

Ўзбекистонда Бюрократияни бартараф этиш дастури ишга туширилди

 

28 ноябрь куни пойтахтдаги Халқаро конгресс марказида бюрократияни бартараф этишга бағишланган халқаро форум ўз ишини бошлади. Тадбирда Ўзбекистон ва БАА ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар ҳамда давлат хизмати соҳасидаги етакчи экспертлар иштирок этди.

 

Очилиш маросимида сўзга чиққан Президент Шавкат Мирзиёев БАА Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавийга форумни ташкил этишга кўрсатган кўмаги учун миннатдорлик билдирди ва БАА халқини яқинлашиб келаётган миллий байрами билан табриклади.

 

Давлат раҳбари нутқида мамлакатда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади.

 

Сўнгги йилларда бюрократияни қисқартириш бўйича 9 та ҳужжат қабул қилинди, давлат хизматлари тизими тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Хусусан, 2017 йилдаги 444 та хизмат ўрнига бугунги кунда 1 040 та хизмат кўрсатилмоқда, улардан 90 дан ортиғи проактив ёки композит шаклда тақдим этилмоқда. Туғилиш билан боғлиқ хизматларнинг ягона пакетга бирлаштирилиши ҳар йили 1 миллионга яқин фуқарога қулайлик яратмоқда.

 

Рақамлаштириш натижасида 30 та хизмат реал вақт режимида кўрсатилмоқда, йил давомида 8 миллионга яқин хизмат автоматик тарзда амалга оширилди. Электрон ҳужжат алмашуви орқали аҳолининг йиллик харажатларида 23 миллиард сўм тежашга эришилди.

 

Бизнес учун ҳам қулайликлар кенгайтирилиб, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. 150 дан зиёд рухсатнома электрон шаклда тақдим этилмоқда, 140 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бартараф этилди.

 

Президент форумда янги Бюрократияни бартараф этиш дастури ишга туширилганини маълум қилди. Дастурга кўра:

  • 2030 йилгача барча давлат хизматлари 1,5 мингга етказилади;
  • электрон хизматлар улуши 95 фоизга етади;
  • келгуси йилнинг ўзида 250 та хизмат электрон шаклга ўтказилади;
  • 40 миллион ҳужжатдан 25 миллиони рақамлаштирилади;
  • проактив ва композит хизматлар сони 400 тага етказилади;
  • 100 дан ортиқ давлат хизмати кўрсатиш муддати 50 фоизга қисқартирилади.

 

Лицензиялаш, коммунал тармоқларга уланиш ва қурилиш соҳасидаги 300 дан ортиқ жараён соддалаштирилади. Коммунал тармоқларга уланиш ягона ариза орқали амалга оширилади.

 

Портал, “Лицензия” тизими, “Ягона дарча” ва колл-марказлар тўлиқ сунъий интеллектга ўтказилади. Вазирлик ва идоралар фаолияти махсус платформа орқали баҳоланади, энг яхши натижа кўрсатган ходим ва ташкилотлар рағбатлантирилади.

 

Дастурга аҳолининг таклиф ва ташаббусларини жалб этиш мақсадида 3 миллион долларлик мукофот жамғармаси ташкил этилди.

 

Президент форум давомида “Инсон қадри учун” тамойили барча ислоҳотларнинг негизи эканини таъкидлаб, халқ ва давлат ўртасидаги мулоқотни янада яқинлаштирувчи, қулай ва шаффоф экотизим яратиш зарурлигини қайд этди.

custom img

Тошкентда суд қароридан норози эркак дарахтга чиқиб олди

У пастга туширилгач, Олий суд раиси томонидан қабул қилиниб,мурожаати белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун расмийлаштирилган.

custom img

“Ташаббусли бюджет”да 47 та лойиҳа қўшимча ғолиб деб топилди

Мазкур лойиҳалар учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағларидан жами 18,2 млрд сўм ажратилди.

custom img

Ўзбекистонда поездлар кечикса, йўловчиларга компенсация тўланади

Йўловчилардан поездлар белгиланган жадвалдан кеч келиши, манзилга кеч етиб бориши ҳақида шикоятлар келиб тушган.

custom img

Тошкент ва Сирдарёда “Умра” зиёрати билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

custom img

Ҳайдовчилар учун жарима баллари бўйича имтиёзлар борлиги айтилди

Ҳайдовчи 12 ой давомида умуман жарима баллари олмаса, кейинги биринчи қоидабузарлик учун жарима баллари қўлланилмайди.

custom img

Қашқадарёда 9 мингдан ортиқ фуқаронинг уй-жойига эгалик ҳуқуқи тан олинди

Бугунги кунга қадар 100 мингдан ортиқ кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилган.

custom img

“Менинг боғим” дастури доирасида ҳар бир лойиҳага  400 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилади

Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этди.

custom img

Тошкентда Қурилиш вазирлиги бош мутахассиси пора билан ушланди

У Юнусободдаги уйларни бошқа бошқарув компаниясига ўтказиб бериш эвазига 2200 доллар талаб қилган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"