Ўзбекистонда ҳайвонлар саломатлигини таъминлаш ҳамда хавфли юқумли касалликларнинг мамлакат ҳудудига кириб келишини олдини олиш мақсадида муҳим чеклов чораси жорий этилди.
Республика бош давлат ветеринария инспектори қарорига мувофиқ, Ҳиндистонда Nipah вируси тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашгани сабабли ушбу давлатдан тирик ҳайвонлар ва паррандаларни, шунингдек, Ғарбий Бенгалия штатидан барча турдаги чорвачилик маҳсулотларини импорт қилиш вақтинча чеклаб қўйилди. Мазкур чекловлар 29 январдан бошлаб кучга кирди.
Ҳужжатга кўра, Ғарбий Бенгалия ҳудудидан тартибга солинадиган маҳсулотларни олиб кириш, халқаро транзит ҳолатлари бундан мустасно, тўлиқ тақиқланган.
Ҳудудий ветеринария хизматлари ҳамда чегара назорати органларига чекловларга қатъий риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш вазифаси юклатилди. Шу билан бирга, ветеринария хизмати Ҳиндистоннинг эпизоотик жиҳатдан хавфсиз ҳудудларидан маҳсулот импорт қилиш масаласини ҳар бир ҳолат бўйича алоҳида кўриб чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Мутахассислар таъкидлашича, Nipah вируси ҳайвонлардан одамларга юқадиган хавфли зоонотик инфекция ҳисобланади ҳамда оғир касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Жорий этилган вақтинчалик чекловлар вируснинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Қирғизистон Ҳиндистондан ҳайвонлар импортини вақтинча тўхтатган эди.


