Ўзбекистонда пенсионерларга қаратилган телефон фирибгарлиги ҳолатлари кўпайгани қайд этилди. Номаълум рақамлардан қўнғироқ қилаётган шахслар фуқароларга пенсия миқдори яқин ойлар ичида оширилишини айтиб, шахсий ва банк маълумотларини қўлга киритишга уринмоқда.
Пенсия жамғармаси маълумотига кўра, фирибгарлар ўзларини банк ёки жамғарма ходимлари сифатида таништириб, пенсияларни ошириш учун гўёки ариза расмийлаштириш зарурлигини билдиради. Шу баҳона билан улар фуқаролардан паспорт маълумотлари, банк карта рақамлари, PIN-кодлар ёки СМС орқали юборилган тасдиқлаш кодларини сўрамоқда. Айрим ҳолларда маълумот тақдим этилмаса, тўловлар қайта ҳисобланмаслиги билан қўрқитиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Жамғарма мутасаддилари жамғарма ёки банк ходимлари ҳеч қачон телефон орқали шахсий маълумотлар ёки тасдиқлаш кодларини сўрамаслигини алоҳида таъкидлади.
Фуқароларга паспорт маълумотлари, банк картаси реквизитлари ҳамда бошқа махфий маълумотларни бегона шахсларга бермаслик тавсия этилди.


