Президент Шавкат Мирзиёев Масато Кандо бошчилигидаги ОТБ делегациясини қабул қилди
2026 йил май ойида Самарқандда Осиё тараққиёт банкининг йиллик йиғилиши ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти Масато Кандо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида ОТБ раҳбари давлатимиз раҳбарини Ўзбекистон ва банк ўртасидаги стратегик шерикликнинг 30 йиллиги, шунингдек, 2025–2026 йилларда Бошқарувчилар кенгашига раислик мамлакатимизга ўтгани билан табриклади.
Музокараларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар доирасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Бугунги кунда Ўзбекистон банкнинг минтақадаги энг йирик ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда — амалдаги қўшма лойиҳалар портфели 15 миллиард доллардан ошган. Шунингдек, «яшил» энергетика, транспорт, рақамли трансформация, таълим ва бошқа йўналишларда жами 3 миллиард доллардан ортиқ янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Суверен бўлмаган молиялаштириш механизмларини жорий этиш ишлари фаоллашган.
Шу билан бирга, 2026 йил май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев йиғилиш доирасида ОТБ билан Кенгайтирилган стратегик шериклик дастурини имзолаш ташаббусини илгари сурди. Унда инфратузилмани модернизация қилиш, техник ва муҳандислик мутахассисларини тайёрлаш, хотин-қизлар ва ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, камбағалликни қисқартириш, ипотека бозори ва хусусий секторни ривожлантириш каби йўналишлар устувор вазифа сифатида белгиланиши таъкидланди.
Учрашувда банкнинг минтақавий ташаббусларни қўллаб-қувватлашдаги фаоллиги, жумладан, Марказий Осиё бўйича транспорт, энергетика ва савдо лойиҳаларини илгари суриш муҳим экани қайд этилди.
ОТБ президенти Масато Кандо Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, уларни рўёбга чиқаришда банк томонидан ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканини билдирди.







