1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жамият

Қабристонга кўчган ҳашамат ёхуд иллатлар ортингиздан қувмасин

Қабр ичи ва ташқарисини қимматбаҳо нарсалар билан безаш жоиз эмаслиги дин уламолари томонидан кўп бора таъкидланган. Аммо..

Қабристонга кўчган ҳашамат ёхуд иллатлар ортингиздан қувмасин

 

«Чиғатой» қабристони. Ҳашаматли девор. Темир панжарали эшик. Оҳиста ичкариладим. Худди рассом қоғозга муҳрлангандек, қалин арчали йўлак бўйлаб одимладим. Зинадан тушаверишдаги ўриндиққа чўккалаб, ўтганлар ҳақига дуо қилдим.

 

Атрофга чўккан сукунатдан дарахтлардан узилаётган баргларнинг “чирт” этган овозини баралла эшитиш мумкин. Мармар билан безатилган ҳашаматли қабрларга дарахтлар орасидан тушаётган қуёшнинг заррин нурлари худди уларга кўкдан нур ёғдираётгандек. Қабристон ораладим...

 

Ҳайбатли қабр тошлари. Уларга қараган сари кишини аллақандай ҳис-туйғулар чўлғаб олади. Унсиз салобат босади. Бир дам бу дунё ишларини унутгандек бўлади. Дўппайиб қолган янги қабрлар устига ўрнатилган қабр тошларга кўзим тушди. Беш кунлик дунё деганлари шу бўлса керак-да. Одамзот келиб кетаверади. Ёшми-қарими, амалдорми, бошқами барча оёқ остига — мана шу қора тупроққа кўмилади.

 

Ҳашаматли қабристон...

 

Инсон меҳр-оқибат қули.. У узоқ кўришмаган одамларини соғиниб, қўмсаб яшайди. Бу соғинчнинг тафтини босиш учун уларни йўқлаб туради. У дунёдан ўтиб кетган ота-оналари, устозлари, яқинлари, қариндош-уруғларини ҳам соғинади. Шунинг учун уларни зиёрат қилиш жоиз амаллардан ҳисобланади. Диний китобларимизда қабр ердан бир қарич миқдорида кўтарилиб, бир текисда бўлиши айтилган. Чунки бу текислик қабрда шоҳ ҳам, гадо ҳам бирдек эканлигига ишорадир.

 

Бироқ кейинги пайтларда қабр устига турли ҳашаматли тошлар ўрнатиш, нақшлар билан безаш, манзарали ва мевали дарахтлар экиш урфга айланди. Биз бу билан қабристонни «обод» қиляпмизми? Ёки ҳашаматли қабр тошлар, ҳайкаллар ўрнатиб, зиёратчиларга, қабристон аҳлига кимлигимизни, кимнинг авлоди эканимизни исботламоқчи бўляпмизми? Бойлигимизни шу йўл билан кўз-кўз этяпмизми? Айтинг, бундан кимга нима наф? Мангу кетган одамга бу каби «меҳр»нинг нима кераги бор? Аслида, яқинларимиз қабрини мана шундай дабдабали қилиб, исрофгарчиликка йўл қўймаяпмизми? Чунки бу пулни беҳуда исроф қилиш саналадику, ахир. Қолаверса, қимматбаҳо ва ноёб дарахт ҳамда ўсимликлар инсонлар ҳордиқ чиқарадиган оромгоҳ ва хиёбонларга ярашади. Қабристонларни оромгоҳ ва сайлгоҳлардек ҳолатга келтириб қўйиш керак эмас. Акс ҳолда, зиёратга келган инсонларни кўзланган мақсадидан чалғитиб қўяди. (Худди мен Чиғатой қабристонига бориб, асл мақсадим ёдимдан кўтарилиб, гўёки, ҳайкаллар галареясига тушиб қолганимдек.) 

 

Асл мақсад нима?

 

Қачонлардир шаҳар ва қишлоқлардаги девори пахса, томи лойсувоқ уйлар бир хил бўлган замонларда қабристонлар ҳам, ундаги қабрлар ҳам шаҳар ва қишлоқларда бир хил бўлган. Аммо замон тараққий этгани, шаҳар ва қишлоқлардаги шароит ва кўриниш фарқи ошган сари қабристонларнинг ҳамда улардаги қабрларнинг ҳам кўринишларида фарқлар ошиб бораверди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилдилар: «Мўмин одамнинг қабрига шамолнинг эсмоғи ва ёмғирнинг ёғмоғи гуноҳига каффоратдир».

 

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг эмикдош биродарлари Усмон ибн Мазъун вафот этди. Усмон дафн этилгач, Пайғамбар алайҳиссалом унинг қабрига сув сепишни буюрдилар. Тупроқ уюми чўккач, устига тош қўйдилар ва қариндошимнинг қабрини шу тошдан топиб оламан, оиламда ким қазо қилса, шу ерга қўйдираман, дедилар. Қабрларга тош қўйишдан мақсад шу эди, аслида.

 

Иллатлар ортингиздан қувмасин!

 

Қабр ичи ва ташқарисини қимматбаҳо нарсалар билан безаш жоиз эмаслиги дин уламолари томонидан кўп бора таъкидланган.  Ҳатто лаҳад оғзини пишган ғишт билан ёпиш ҳам маъқул эмас. Шунинг учун одатда хом ғишт ишлатилади. Сабаби, пишган ғиштга маййитдан кўра тириклар муҳтождир. Баъзилар қабрларни безатиш учун маблағини беҳуда совуради. Худди мармар қўйдиргани билан марҳумлар мамнун бўлиб қоладигандек. Аслида, Қуръон тиловати ва бошқа эзгу амаллар савоби маййит учун кифоя. Қабр устидаги ҳар қандай зебу зийнатларнинг марҳумга сариқ чақалик фойдаси йўқ. Буларни кўриб, шуҳратпарастлик, мақтанчоқлик, худбинлик, лаганбардорлик, таъма каби одамни ўзлигидан айирадиган иллатларнинг қабристонларгача кириб борганидан уялиб кетасан, киши. Гўё, инсоннинг бу дунёдаги сўнгги манзилида ҳам шон-шуҳрат, лавозим, такаббурлик ва эҳтиром бир зум унутилмагандек. Уни охиратга ҳам олиб кетмоқчи бўлгану, қора тупроқ тўхтатиб қолгандек. Кимлигини, одамларга қилган яхшилик, хайрли ишларини кўз-кўз қилиб, «мен ўша» деб таъна қилаётгандек. Хўш, буни қандай тушунмоқ керак? Қандай англаб етмоқ керак?

 

Қабристонлар, аввало, улар жойлашган ҳудудга масъул бўлган мутасаддилар томонидан муҳофаза қилиниши керак. Яъни, қабристон ҳудудини панжара ёки девор билан ўраш, унга кириш учун алоҳида йўлак очиш ва дарвоза ўрнатиш, чорва ёки ёввойи ҳайвонларни киришидан сақлаш, зиёратга келганлар қабрларни босмай ўтишлари учун қулай йўлкалар ўтказиш, тиловат ва дуо қилиш учун махсус ўриндиқлар ўрнатиш, ножоиз, ҳурофий амалларни қилишларидан қайтариб туриш ва ҳоказолар қабристон масъулларининг вазифаси саналади.

 

Ана шундай хаёллар оғушида қабристонни кезиб чиқаман. Рўпарада тақур-туқур қилиб усталар ишлаяпти. Қурилиш материалларини кўриб, кунлар исиб қолди, қабристонда ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган бўлса керак, деб ўйладим. Йўқ-йўқ, адашибман. Қурилиш материаллари кимларнингдир қабрини ҳашаматли қилиб қўйиш учун келтирилган экан. Усталар ҳам ҳашаматли қабртош ўрнатиш билан овора...

 

Баҳринисо Мадумарова 

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика