2026 йил март ойидан бошлаб Қирғизистонда фаолият юритаётган барча телеканалларнинг тили ва эфир контенти бўйича кенг қамровли текширувлар бошланади. Бу ҳақда Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари Марат Тагаев ОАВ вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди дейди 24 кг нашри.
Қайд этилишича, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, телевидение дастурларининг камида 60 фоизи қирғиз тилида ҳамда маҳаллий контентдан иборат бўлиши шарт. Текширувлар давомида мазкур талабларга риоя қилиниши баҳоланади. Россия телеканаллари мамлакатнинг хорижий оммавий ахборот воситаларида устунлик қилади.
Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, айрим хусусий телеканаллар йиллар давомида эски фильмлар ва дастурларни такрор намойиш этиш орқали янги контент ишлаб чиқармасдан даромад топиб келмоқда. Ушбу ҳолат қонун талабларига зид экани қайд этилди.
Ҳозирда мамлакатда 42 та телеканал фаолият юритади. Шулардан фақат МТРК ва ЭЛТР давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. Текширувлар якунига кўра, қоидабузарлик аниқланган телеканалларга нисбатан чоралар 2026 йил охирига қадар қабул қилинади. Айни пайтда каналларни ёпиш масаласи кун тартибида йўқ.
Шунингдек, Маданият вазирлиги хусусий телеканалларга «Қирғизфилм» ва «Қирғизсериал» фондларидан маҳаллий контент харид қилишни таклиф қилмоқда. Мазкур фондларда 400 га яқин фильм, 40 дан ортиқ анимацион лойиҳа ҳамда сериаллар мавжуд. Телеканалларга шартномалар имзолаш учун олти ҳафталик муддат берилади. Акс ҳолда, ушбу контент давлат телеканалларига тақдим этилади.
Тил ва контент бўйича сифат назорати ҳамда эфирга мувофиқлик синовлари 2026 йил март ойидан бошланиши режалаштирилган.


