Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган навбатдаги қарорни қабул қилди. Ҳукумат қарорига мувофиқ, электрон сигареталар ҳамда улар учун мўлжалланган картрижларни мамлакат ҳудудига олиб кириш вақтинча тақиқланади. Бу ҳақда kaktus.media нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур чеклов электрон сигареталар импортига олти ой муддатга жорий этилган. Қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб 15 кун ўтиб кучга киради.
Вақтинчалик тақиқдан кўзланган асосий мақсад — никотинга қарамлик даражасини камайтириш, айниқса, ёшлар ўртасида электрон сигареталарнинг кенг тарқалишининг олдини олишдир. Расмийларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда мазкур маҳсулотлар ёшлар орасида тез оммалашиб, аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф туғдирмоқда.
Шу муносабат билан электрон сигареталарнинг назоратсиз импортини чеклаш орқали жамоат саломатлигини муҳофаза қилиш чоралари кучайтирилмоқда.


