Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида собиқ ички ишлар органлари ходими рафиқасини ўлдирганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, илгари Бишкек шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида хизмат қилган У.Б. 23 декабрь куни кечқурун содир бўлган ҳодиса юзасидан қўлга олинган.
Фожиа Боконбаев ва Ибраимов кўчалари кесишмасида жойлашган кўп қаватли уйда содир бўлган. Дастлабки тергов маълумотларига кўра, эр-хотин ўртасида жанжал келиб чиққан. Можаро давомида эркак рафиқасига ўқотар қуролдан олти марта ўқ узган. Аёл олган оғир жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Маълум бўлишича, жуфтлик ҳодиса содир бўлган куни расман ажрашган. Шунингдек, ушбу сана марҳуманинг 47 ёшга тўлган куни билан ҳам бир вақтга тўғри келган. Оиладан икки нафар фарзанд етим қолган.
Гумонланувчи вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Тергов жараёнида унинг жиноят содир этилган пайтда маст ҳолатда бўлгани аниқланган. Бундан ташқари, марҳума илгари оилавий зўравонлик ҳолатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилгани ҳам маълум қилинди.
Мазкур ҳолат юзасидан қотиллик моддаси билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.


