Қозоғистон Сенати “Қозоғистон Республикасининг ҳудудий мудофааси тўғрисида”ги қонунни ва унга оид тегишли ўзгартиришларни маъқуллади. Ушбу ҳужжат мамлакатда самарали ҳудудий мудофаа тизимини шакллантириш, сафарбарликка тайёргарлик даражасини ошириш ҳамда фавқулодда вазиятларда аҳолининг хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилган.
Қонунда ҳудудий мудофаа — мудофаа тизимининг мустақил йўналиши сифатида белгиланган. Унда тизимнинг мақсад ва вазифалари, амалга ошириш тамойиллари, молиялаштириш манбалари ҳамда тегишли ҳарбий органлар фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий асослар келтирилган. Шунингдек, «кўнгилли» ва “ўзини-ўзи ҳимоя қилиш” каби янги атамалар жорий этилган. Президентдан тортиб маҳаллий ижро органларигача бўлган ваколатли тузилмалар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб берилган.
Қонунга мувофиқ, ҳудудий мудофаа тизими таркибига ҳудудий қўшинлар, хавфсизлик кучлари, махсус кучлар ҳамда кўнгиллилар киради. Кўнгилли бўлинмалар Қуролли Кучлар сафида жанговар вазифаларни бажариш ҳуқуқига эга бўлади. Мудофаа вазири ўринбосари Султон Камалетдиновнинг таъкидлашича, қонун ўзгарувчан геосиёсий шароитлар инобатга олинган ҳолда қабул қилинмоқда ва эҳтимолий таҳдидларга тайёр туришни кўзлайди.


