Рақобат қўмитаси Telegram’да доллар ва евродаги кўчмас мулк рекламасини тақиқлади
Айрим Telegram каналларига огоҳлантириш берилди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бир қатор машҳур
Telegram каналларида кўчмас мулк нархларининг хорижий валютада эълон қилиниши бўйича қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади.
Қайд этилишича, айрим каналлар квартира ва уйлар нархини доллар ёки еврода кўрсатиб келган. Бу эса “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддаси талабларига зид бўлиб, реклама материалларида чет эл валютасида нархлар кўрсатишни тақиқлайди.
Шунингдек, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида барча тўловлар ва нархлар фақат миллий валютада белгиланиши, уларни чет эл валютасига боғлаш эса қатъиян ман этилади.
Қўмита томонидан канал маъмурлари билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада реклама эълонлари қонун талаблари асосида қайта тартибга солинди ва мазмуни миллий валюта бўйича кўрсатилди.







