Сергелида МИБ МЧЖдан 1,3 млрд сўм солиқ қарзини ундирди
Корхона “Lada Largus” автомобили хатлангач, қарзни тўлашга мажбур бўлган.

Мажбурий ижро бюросининг Сергели туман бўлими томонидан солиқ қарздорлигини ундириш бўйича навбатдаги ижро ҳаракатлари самарали якунланди.
Тошкент шаҳар солиқ бошқармасининг 2025 йил 24 ноябрдаги қарорига асосан “C.A.H.I.” масъулияти чекланган жамиятидан жами 1 млрд 308 млн 432 минг 084,1 сўм миқдорида солиқ қарздорлигини ундириш белгиланган бўлиб, мазкур ижро ҳужжати 2025 йил 27 ноябрь куни Бюронинг Сергели туман бўлими иш юритувига қабул қилинган.
Қарздорга қонунчиликка мувофиқ қарздорликни ихтиёрий тарзда қоплаш учун беш кунлик муддат берилган. Бироқ белгиланган муддат ичида тўлов амалга оширилмаган.
Шундан сўнг, давлат ижрочиси томонидан қарздор корхонага тегишли “Lada Largus” русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда хатланди.
Кўрилган мажбурий ижро чоралари натижасида солиқ қарздорлиги тўлиқ ундирилиб, ижро иши Қонуннинг 41-моддасига мувофиқ тамомланди. Шунингдек, корхонага тегишли хатланган мулкларга қўйилган бандлар олиб ташланиб, улар белгиланган тартибда эгасига қайтарилди.







