Шароф Рашидов тумани ҳокими қамоқдан чиқдими?
Сал аввал ҳоким 10 минг доллар пора олаётганда қўлга олинган эди.

Баъзи ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимида ишлаган М.Х. озод этилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Олий суд расмий баёнотига кўра, ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Расмий маълумотга кўра, 2024 йил 10 июль куни Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг ажрими билан М.Х.га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда у тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.
Мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167, 205, 206, 209, 210 ва 229-4-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик айблови қўйилган.
Айни пайтда М.Х.га оид жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Арнасой туман суди иш юритувида бўлиб, ҳозирда ишни мазмунан кўриб чиқиш учун тайинлаш босқичидадир.
Эслатиб ўтамиз, Шароф Рашидов тумани ҳокими 10 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, ДХХ ўтказган тезкор тадбир давомида Гулистон шаҳар прокурори ўринбосари ҳам ўз хизмат хонасида 10 минг доллар билан ушлан эди.







