Сирдарёда 3 нафар ИИО ходими пора билан қўлга олингани танқид қилинди
Ўн ойда Сирдарё ИИБ тизимида 96 нафар ходим интизомий жазога тортилган.

Ички ишлар вазирлиги тизимида хизмат интизоми, қонунчилик талабларига риоя этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида қатъий назорат давом эттирилмоқда. Тизимда ҳар қандай ҳуқуқбузарлик фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланиб, масъул ходимларга нисбатан кескин чоралар қўлланмоқда.
Вазирлик Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси томонидан ўтказилаётган тезкор тадбирлар давомида мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ёки ноқонуний хатти-ҳаракатга йўл қўйган ходимлар аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик муқаррарлиги таъминланмоқда. Ҳар бир бундай ҳолат ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари ҳамда шахсий таркиб иштирокида алоҳида муҳокама қилинмоқда.
Сирдарё вилоятида Ички ишлар вазири ўринбосари Д. Назармухаммедов бошчилигида ўтказилган навбатдаги танқидий йиғилишда жорий йилнинг ўтган ўн ойида эришилган натижалар, шунингдек, аниқланган камчиликлар таҳлил қилинди. Унда ходимлар ўз хизмат вазифаларини масъулият билан бажариши, интизомга қатъий риоя қилиши ва коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича талаблар яна бир бор эслатиб ўтилди.
Шу билан бирга, қонунбузарликнинг олдини олишда фаол позиция намойиш этган, коррупцион таклифлар ҳақида ўз вақтида хабар берган ходимлар рағбатлантирилгани қайд этилди. Ўтган ўн ой давомида Сирдарё вилоятида ходимларга пора таклиф қилинган 7 та ҳолат аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган.
Йиғилишда айрим ходимларнинг сусткашлиги ва хизматга лоқайд муносабати тизимга салбий таъсир кўрсатаётгани танқид қилинди. Мавжуд интизомий чоралардан ташқари, вилоят бўйича 96 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланган, икки ҳолатда 3 нафар ходимнинг жиноятга алоқадорлиги муҳокама қилинган.
Вазирлик коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича барча ҳудудларда тезкор-профилактик тадбирларни давом эттиради. Аниқланган қонунбузарликлар бўйича қатъий чоралар қўлланиб, шахсий таркиб ўртасида мунтазам муҳокамалар ташкил этилади.







