1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Cуриш керакми? Ёки ёшлар нега четга кетишга бунча иштиёқманд?

Нима учун ёшлар ўзлари бирон марта ҳам бориб кўрмаган мамлакатлар орзусида яшайди?

Cуриш керакми? Ёки ёшлар нега четга кетишга бунча иштиёқманд?

 

Instagram ва Facebook’да бу ҳештег оммалашиб кетди. Кўпчилик ёшлар ўзлари бирор марта ҳам бўлмаган, фақат интернет орқали маълумотларга эга чет давлатларга боришга қизиқади? Балки шунинг учун ҳам ҳозир Тошкентнинг ҳар бир бурчагида текинга чет элга ўқишга жўнатадиган марказлар, тил курслари тўлиб кетгандир. Бу талабга яраша таклиф, ахир. 

 

Мавзу юзасидан Facebook’даги айрим изоҳларни келтириб ўтмоқчимиз.  

 

Азиз Нур:
— Учта мултфильм кўрдим. Учаласида ҳам қаҳрамон бола бахтини излаб, уйдан чиқиб кетади. Охирида ҳаммаси хазинага эришиб, маликага уйланади. Мана ёшлар суриш_керак деган фикрни қаердан оляпти.

 

Ғанишер Ҳақназаров:
— Ўзи, асли, чет элга чиқиб, чет элда карера қилишни заҳириддин Муҳаммад бобур бошлаб берган. Биз давом эттиряпмиз холос. 

 

Сардор Оға:
— Кема чўкятпи…
Тақдирга тан беришган…
Худдиз биздек…
Ҳаракат қилиш керак… #surish_kerak


Шохжаҳон Дехқон:
— Буюртмаларга улгира олмаётганимни ягона сабаби — ИНТЕРНЕТ. Антена чиқадиган жойларни излаб чарчадим #surish_kerak шекилли.

 

Исломжон Муҳаммаджонов: 
— Айтишларича, қаттидур раҳбарлари 15 кунлик оромгоҳга йўлланмаларни икки оғиз гапга бераётган эмуш… #surish_kerak

 

Манзура Парвоз:
— …ўқишни тугатгандан кейин магистратурани ҳам шу ерда ўқиб, оз бўлса-да янгича ғоялар, ташаббуслар билан фаоллик қиламан, деган эдим. Лекин ўхшамади. Энди хорижда ўқиш ҳаракатини қилавераман. #Surish_kerak…

 

Азизбек Хожамиёров:
— 185,5 балл билан контрактмисан, демак ростан бутун Система чириган. Натижани кўриш учун лаънати сайтга кирганингда бу сайт ишламадими, демак, ростдан бутун Система чириган. #surish_kerak

 

Акром Пардаев:
— Ишга ҳужжат топшираман, десам стаж сўрайди. Энди олдимку дипломни. Ёки қолганлар стаж билан туғилганми…
Бу ҳаётда адолат излаб, тополмай ўлиб кетаман шекилли…#surish_kerak

 

Таваккал қилиш бугуннинг ёшларига хос хислат

 

Мақсадларга эришишда бу ягона йўлдек. “Замонавий” ёшлар буни яхши тушунамиз. Мақсад йўлидаги қийинчиликлар эса унчалик кўзга кўринмайдигандек. Худди биз янги шаҳарга кўчиб борамиз. У ерда бизни қучоқ очиб кутиб олишади ва иш билан таъминлашадигандек.


Нега ёшлар четга кетишга бунчалар иштиёқманд? Асосий масала таълим дейишади. Кейин эса иш шароити. Ёки ўзга юртларда “бахт” бор деб ўйлашади. Жуда кўплар ўқилган маълумотлар асосида бошқа ерларда яшаш осонроқ эканлигига ишонади. У ерда машина сотиб олиш учун узоқ вақт кутмайсиз. Ишингизни ҳал қилиб олиш учун чўнтакка Бенжамен Франклинни солиб эшикма-эшик юрмайсиз. Фикрингизни билдиришда тўсиқ сезмайдигандексиз. Мактабда устозларнинг ҳаётий ҳикояларини тингламайсиз. Университетда формангизга қараб, кўча-кўйда эса кийинишингизга қараб муносабат билдиришмайди. Яхши иш ҳақи, у ерда ҳеч ким мушугингизни “пишт” демайди. Сизни ҳеч ким “қара, уйга кеч келяпти”, “буни кийимини қара” деб кўзи билан кузатмайди. Сиз бошқа ерларда қишда иссиқда, ёзда салқинда яшайсиз. У ерларда интернет “учади”. Яхши пул топасиз. Пулингиз бошқаларнинг чўнтагига кириб кетмайди. У ерда осон ўқишга кирасиз. Давлат сизни таъминлайди. Биз четни шундай тасаввур қиламиз.

 

Энди яна бир тараф: у ерда сизни қўллайдиган ҳеч ким бўлмайди, агар танишингиз бўлмаса. У ерда ҳеч ким сизни бағрини очиб кутиб олмайди. Сизга ҳеч ким тайёр иш ўрнини таклиф қилмайди, агар сиз ишингизнинг мутахассиси бўлмасангиз. У ерда яшай олмайсиз, агар тилини билмасангиз. У ернинг ўз талабларини қабул қилишингиз керак. У ерда жанжал бўлса ортингизда турадиган одам бўлмайди. Ҳеч ким сизнинг чўнтакингизга буни олиб қўй деб, пул солиб қўймайди. У ерда ўқишни бормай ҳам битира олмайсиз. Бошида адашасиз, қоқиласиз, алданасиз. Лекин ўзингизни қайта тутиб олишингиз муҳим (буларнинг барчаси чет элда яшаётган ҳамюртларимизнинг ижтимоий тармоқлардаги фикрлари).

 

Четга кетиш истагини билдираётганларни кўпчилик яратилаётган имкониятлар қадрига етмаётганликда айблайди. Лекин нега шунча имкониятлар бўла туриб, биз дунё бўйлаб тарқаб кетмоқдамиз? Корея, Россия, Туркия каби давлатларда ўзбекларни минглаб учратиш мумкин.

 

Четга кетишни орзу қиладиганларнинг кўпчилиги талабалар қатлами. Менимча, уларнинг илм олишга иштиёқи баланд. Дарсда ўз оиласининг тузилиши, ёки реcтор томонидан стол устида сув идиши турмаслиги ҳақидаги гапларни эшитиб вақт ўтказиш эса бу иштиёқни қондира олмаяпти.  

 

Моҳинур, 20 ёш:
— Мен ҳам суриш керак дейдиганлардан бириман. Нега? Сифатли таълим ва яхши иш мақсадида. Ўқиш ва иш жараёнига кунлик 24 соатдан 17 соатга яқин вақтимни сарф этаман. Аммо дарсга сарфланадиган 6 соат вақтимга рози бўлмасам керак. Эрта тонгдан форма кийилган кийилмагани, дарсга келмаган курсдошлар сабаб бу ерда ўтирганлар учун ўтиладиган тарбиявий соатларнинг бирор фойдасини топа олмасам керак. Ишим яхши. Аммо сарфлаётган вақтим ва кучимга яраша рағбат ҳам яхши деб ҳисоблай олмайман. Келажагим чиндан мени ташвишга солади. Эртага оладиган ойлигимни рўзғорга етказамизми ёки машина оламизми, деган қийин танлов ҳам турипти. Қиз боласан, буни қилма, уни қилма, деган қарашларни ҳам қабул қила олмайман. Шу сабабдан, бир неча йиллардан буён бу ҳам менинг орзуйимга айланиб улгурган. Чет элга кетиш учун ажратилган деярли ҳар бир грантларга бош суқиб кўраман. Кетиш имконлари юқори, албатта. 

 


Санжар, 22 ёш:
— Мен илмий изланишлар қилишни истайман. Аммо... илмий тадқиқот қиладиганлар бутун вақтини шунга сарфлаб ўтириши керак. Айрим мамлакатларда бундай одамга юқори ҳақ тўланади. Шу сабабдан ҳам кетишни режа қилганман. Мактабларида ўқитувчилар ҳурмат қилинмайдиган жамиятда фарзандларимни ўқитишни ҳам истамайман.

 

Барно, 19 ёш:
— Мен ҳам кетишни режа қилганман. Дунёқарашим, билимимни ошириш учун. Лекин, албатта, қайтаман. Чунки бу ерда камчиликларни ҳам бартараф қилиш керак. Биз кетиб қолсак, буни ким амалга оширади.


2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ташқи миграцияда кўчиб кетганлар сони 20.1 минг кишини ташкил этади. Юртдан чиқиб кетаётганларни, четга кетаман деб ёнаётган ёшларни айблаш эса бунга ечим бўла олмайди. Чунки ҳар бирининг ўзи ҳақиқат деб биладиган сабаблар бор. Уларни бу фикрдан эса катта залларда ўтказиладиган тадбирлар билан қайтариб бўлмайди. Айтишадику: қаерда фидойилик қадрланса, шу ерда фидо бўлишади. Келажак деб қараладиган ёшлар шунчаки сурилиб кетмаслиги керак.

 

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика