Қирғизистондa Қамчибек Ташиев иши судга оширилди
Қирғизистон Бош прокуратураси Ташиевга нисбатан тайёрланган айблов хулосасини тасдиқлаган ва ишни судга юборган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) собиқ раиси Қамчибек Ташиевга оид жиноят иши судга оширилди. Бу ҳақда унинг адвокати Икрамидин Айтқуловга таяниб, 24.kg хабар берди.
Адвокатнинг билдиришича, Қирғизистон Бош прокуратураси Ташиевга нисбатан тайёрланган айблов хулосасини тасдиқлаган ва ишни Бишкек шаҳридаги Биринчи май туман судига юборган. Иш бўйича собиқ амалдор билан бирга яна етти киши айбланувчи сифатида ўтмоқда.
Қамчибек Ташиев ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашга тайёргарлик кўриш ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланмоқда.
Маълум қилинишича, жиноят иши махфийлаштирилган. Шу сабабли суд мажлислари ёпиқ тартибда ўтказилади ва тергов ҳамда суд жараёнига оид маълумотларни ошкор қилиш тақиқланган.
Эслатиб ўтамиз, Қамчибек Ташиев жорий йил февраль ойида Қирғизистон МХДҚ раиси лавозимидан озод этилганди. У ўшанда ишдан бўшатилишини кутмаганини айтган. Қирғизистон президенти эса Ташиев давлат хизматига қайтмаслигини билдирган.
Жогорку Кенеш депутати Элвира Сурабалдиева собиқ МХДҚ раҳбари давлат тўнтаришига уринишни ташкил қилгани сабаб лавозимидан четлатилганини маълум қилганди.
Апрель ойининг охирида Ташиевга расман икки модда бўйича айблов эълон қилинган. Ушбу иш доирасида собиқ бош прокурор Курманкул Зулушев ҳамда парламентнинг собиқ спикери Нурланбек Тургунбек уулу ҳам Ташиев билан бирга сўроқ қилинган.







