Сурия янги миллий валютани муомалага киритаётганини расман эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат Марказий банки раиси Абдулқодир ал-Ҳасрия маълум қилди, деб хабар беради Анадолу агентлигига таяниб Lada.kz.
Марказий банк раҳбарининг таъкидлашича, янги валютанинг жорий этилиши мамлакат ҳаётидаги муҳим миллий воқеа бўлиб, Сурияда янги иқтисодий ҳамда пул-кредит даври бошланаётганини англатади. Унинг сўзларига кўра, мазкур ташаббус молиявий мустақилликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий барқарорликка эришиш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Абдулқодир ал-Ҳасрия ижтимоий тармоқдаги саҳифасида янги валюта озодликдан кейинги даврда эришилган молиявий мустақиллик рамзи эканини қайд этди. Унга кўра, янгиланган пул бирлиги Сурия Марказий банки раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси бўлиб, мамлакатнинг иқтисодий тикланиш сари ҳаракатини ифодалайди.
Марказий банк раҳбари янги валюта ташқи иқтисодий омилларга қарамликни камайтиришга, молия тизимини барқарорлаштиришга ҳамда жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилишига умид билдирди.
Янги миллий валютага оид барча тафсилотлар 2025 йил 28 декабрь куни ўтказилиши режалаштирилган махсус йиғилишда тақдим этилади. Унда банкнота дизайни, номиналлари ҳамда валютани муомалага киритиш механизмлари расман эълон қилиниши кутилмоқда.
Мутахассислар ушбу ташаббусни Суриянинг узоқ давом этган инқироздан сўнг иқтисодий тикланиш йўлидаги муҳим босқич сифатида баҳоламоқда


